Қирғизистоннинг собиқ президенти Акаев Бишкекдан Москвага қайтди

Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Акаев Бишкекдан Москвага учиб кетди. Хабарларга кўра, Асқар Акаевнинг яқин келажакда Бишкекка қайтиш нияти бор ёки йўқлиги ҳозирча номаълум.

Собиқ давлат раҳбари 2 августдан бери Бишкекда эди. Акаевнинг сўзларига кўра, у бир ҳафта давомида Қумтор олтин конини қазиб олишдаги коррупциявий ҳолатларни тергов қилишга ёрдам бериш учун келган. Аввалроқ, Акаев видеомурожаатда “Қумтор” лойиҳасига бўлган умидни оқламагани учун қирғиз халқидан кечирим сўраган эди. Унинг сўзларига кўра, давлат томонидан етарли назорат ўрнатилмагани учун ҳам Канадалик ҳамкорлар кондан максимал фойда олиб, Қирғизистонга арзимас дивидендлар ва йилдан-йилга мураккаблашиб бораётган экологик муаммоларни қолдириб кетишган. Акаев тергов бўйича ҳамкорликни давом эттиришга ваъда берди.

8 июль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бошлиғи Камчибек Ташиев республиканинг собиқ президентлари Асқар Акаев ва Қурманбек Бакиевлар “Қумтор иши” бўйича халқаро қидирувга берилганини эълон қилган эди. Шунингдек, Қирғизистоннинг собиқ бош вазирлари Апас Жумагулов, Омурбек Бабанов ва Игор Чудинов, шунингдек собиқ давлат раҳбари Сооронбай Жэнбековнинг укаси, парламентнинг собиқ спикери Асилбек Жэнбеков ва Бакиевнинг кенжа ўғли Максим Бакиев қидирувда бўлганлар қаторида эди. Улардан баъзиларига нисбатан жиноят ишлари даъво муддати тугаши муносабати билан тўхтатилган, қолган гумонланувчилар ҳибсда ёки қидирувда.

Қумтор кони Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида жойлашган бўлиб, уни ўзлаштириш 1990 йилларда канадалик сармоядорлар томонидан бошланган. Бу вақт ичида Қирғизистон ҳукумати канадалик шериклар билан ҳамкорлик шартларини бир неча бор қайта кўриб чиқди. 2021 йил май ойида республика раҳбарияти конда ташқи бошқарувни жорий қилди ва Канаданинг “Центерра” компаниясини конни бошқаришдан олиб ташлади. Томонлар ушбу масала бўйича суд ишларини бошлаш ниятида эканликларини маълум қилишди.

Акаев 1991-2005 йилларда Қирғизистонни бошқарган ва давлат тўнтариши натижасида лавозимидан четлатилган. Шундан сўнг у Москвага кўчиб кетган.