“Қиёмат музлиги” катта тезликда эриб бормоқда

Туэйтс (Thwaites) музлиги (Қиёмат музлиги) тез эриб бормоқда. Унинг эриши, айниқса, иқлим ўзгариши ва исиши туфайли ҳам тезлашиб кетмоқда.

Nature журналида нашр этилган янги тадқиқот натижалари ҳақидаги мақола Ернинг табиий исиши музликларнинг эришини тезлаштираётганига алоҳида эътибор қаратган. Дарҳақиқат, тадқиқотчиларнинг айтишича, Ғарбий Антарктика (Қиёмат музлиги жойлашган ҳудуд) остидаги нисбатан юпқа Ер қобиғининг геотермал ҳарорати музлик ҳудудининг камайишига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

“Бизнинг ўлчовларимиз шуни кўрсатадики, Ер қобиғининг қалинлиги атиги 17-25 километргача бўлган жойларда, Туэйтс (Thwaites) музлиги остида ҳар бир квадрат метр учун 150 милливатгача бўлган геотермал иссиқлик оқими содир бўлмоқда”, – дейди тадқиқот муаллифи ва Германиядаги қутб ва денгиз тадқиқотлари Ҳелмголц маркази геофизиги Алфред Вигенер, Live Science томонидан эълон қилинган баёнотда.

Албатта, Ернинг ички мантиясидан келиб чиқадиган илиқроқ ҳарорат “Қиёмат музлиги” эришига сабаб бўлаётган ягона омил эмас.

Бунинг устига, дунёда техноген иқлим ўзгариши муаммоси ҳам бор. У аста-секин дунё океани сувларини иситиб бормоқда. Гетебург университети тадқиқотчиларининг айтишларига қараганда, музлик остидаги сувлар шунчалик илиқки, улар глобал ҳарорат кўтарилиши туфайли музни кутилганидан ҳам тезроқ ўз жойидаy “олиб ташлайди”.

Номидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, агар “Қиёмат музлиги” бутунлай эриб кетса, дунёдаги сув сатҳи ҳалокатли даражада кўтарилиб кетади. Маълумот учун: Туэйтс музлиги тахминан 119 300 квадрат миль (191 995 квадрат километр) майдонни эгаллайди.