Қўлбола мотоциклда саҳродан чиқиб кетган французга мукофот топширилади

1993 йили Саҳройи Кабирда Эмиль Лере исмли француз фуқароси эски Ситроен русумли машинасининг бузилганлиги туфайли ҳалок бўлиши мумкин эди. Аммо у бузуқ машинанинг парчаларидан мотоцикл ясаб, саҳродан чиқиб кетади.

Бу йили француз ҳукумати Лерега МакГайвер мукофотини топширишга қарор қилди. Мазкур мукофот фақат кинолардагина бўлиши мумкин бўлган нарсани амалга оширолган кишиларга топширилади.

Лере бундан 25 йилдан кўп вақт муқаддам Саҳройи Кабир орқали ҳарбий форпорстга етиб олиш учун Марокко чегараларидан ташқарига чиқади. Йўл ўртасида машинаси тошга урилади, натижада маятникли ричаг бузилади. Саҳрода уни тузатишнинг иложи йўқ эди.

Касби электр устаси бўлган Лере пиёда саҳродан чиқиб кета олмаслигини яхши билган. У аввалига 3-4 кун ичида машина қолдиқларидан мотоцикл ясаб олишни режалаштиради, аммо бунга 12 кун вақт кетади. Эмиль ўзи билан бирга овқат ва сув олгани учун ҳам тирик қолади. Иш битганида ёнида фақат ярим литр сув қолган эди.

Лере мотоцикл ясаш учун шассини қисқартиради, унга иккита шинани улайди ва ўртасига двигательни жойлаштиради. Кейин эса механик коробкали ўриндиқни ўрнатиб олади.

Қўлбола мотоциклда Лере бир кунда маҳаллий полиция участкасига етиб олади. Полициячилар унга энг яқин қишлоққа етиб олишига ёрдам беради, аммо миниб олган транспорт воситасининг ҳужжатларда кўрсатилганга мос келмаганлиги учун устага йирик жарима ҳам ёзиб беради.