Россияда жанговар экзоскелет яратилди

Ростех давлат корпорацияси “Армия-2021” форумида РИА Новости агентлигига берган интервьюсида, келажакдаги аскарлар кийимининг бир қисми бўлиши мумкин бўлган, электр двигателлари билан жиҳозланган жанговар экзоскелетнинг биринчи прототипи яратилганлигини айтди.

Экзоскелет икки режимда ишлайди. Фаол режимда одамнинг жисмоний имкониятлари серводрайвлар – батареялар билан ишлайдиган тишли электромоторлар ёрдамида яхшиланади. Режим аскар юриш қийин бўлган жойлар ёки тоғлар бўйлаб ҳаракатланса фаоллашади. Пассив режимда эса экзоскелет юк билан горизонталь юзада ҳаракат қилиш учун мўлжалланган.

“Биз Москва давлат университетидаги ҳамкасбларимиз билан биргаликда ишлаб чиққан экзоскелет мушак-скелет тизимига босимни 50 фоизга, югуриш ва юриш пайтида энергия сарфини 15 фоизга камайтиради, сизга 60 килограммгача юк ташиш ва автоматик қуролдан 20 фоизга аниқроқ отиш имконини беради”, – деди Ростех қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва махсус кимё кластерининг саноат директори Бекхан Оздоев.