Самсунг “валиаҳди” муддатидан аввал қамоқдан чиқди

Жанубий Корея бизнес-империяси Самсунг компаниясининг вице-президенти ва амалдаги раҳбари Ли Чжэ Ён жума куни бир қатор шартларни бажариш мажбуриятини олган ҳолда муддатдан аввал қамоқдан чиқди.

53 яшар Ли Чжэ Ён юқори мартабали амалдорларга пора беришда айбланиб, шу йилнинг январида 2,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. У белгиланган муддатдан 207 кунни қамоқда ўтказди.

Суд айбловномасида айтилишича, у собиқ президент Пак Кин Хенинг яқин дугонаси Чхве Сун Силь бошқарган икки хайрия жамғармасига 43 миллиард вон (37,7 миллион доллар) миқдорида пул ўтказиб берган ва эвазига сиёсий ёрдам олган.

Жанубий Корея президенти лавозимида 2013-2017-йилларда фаолият кўрсатган Пак Кин Хега оммавий норозиликлардан сўнг импичмент эълон қилинган эди. Унга порахўрлик ва мансабини суистеъмол қилгани учун 20 йиллик қамоқ жазоси берилган.

Ли Чжэ Ён уни қамоқхона дарвозаси олдида ўраб олган мухбирларга қилмишларидан пушаймон эканлигини айтиб, инсонлардан узр сўраган.

Мамлакат Адлия Вазирлиги унинг муддатдан аввал озод бўлишининг асосий сабаби – иқтисодий факторлар эканлигини яширмаган. Мамлакатдаги ҳуқуқни ҳимоя қилувчи фаоллар ва коррупцияга қарши курашувчилар бундан норози эканликларини билдиришмоқда.