Шимолий Корея АҚШ-Жанубий Корея ҳарбий машғулотларини қоралади

Жанубий Корея ва АҚШ келгуси ҳафтада режалаштирилган қўшма ҳарбий машғулотларни давом эттирса, хавфсизлик бўйича янада катта таҳдидларга дуч келади, деди Шимолий Кореянинг юқори мартабали расмийси сешанба куни.

Yonhap давлат агентлигининг хабар беришича, огоҳлантириш Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжонгдан, сешанба куни дастлабки машғулотлар бошланишидан олдин келган.

Ядро қуролига эга Шимолий Кореянинг айтишича, бу машқлар икки Корея ўртасидаги муносабатларни яхшилашни ортга суради.

“Бу машқлар Шимолий Корея халқига таҳдид соладиган ва Корея ярим оролидаги кескинликни оширадиган “ёқимсиз, ўз-ўзини йўқ қиладиган ҳаракатдир”, – деган Ким хоним KCNA давлат ахборот агентлиги тарқатган баёнотда.

У кескинликни юмшатиш мақсадида Пҳенян ва Сеул ўртасидаги ишонч телефони орқарли алоқа ўрнатилганидан кўп ўтмай, Жанубий Кореяни машғулотлар учун “хоинлик”да айблади.

Шимолий Кореянинг машғулотларга бўлган муносабати Жанубий Корея президенти Мун Чже Иннинг Пҳенян ўтган йили портлатиб юборган қўшма алоқа идорасини қайта очиш ва муносабатларни тиклаш ҳаракатлари доирасида музокаралар олиб бориш жараёнига путур етказиши мумкин.

Душанба куни Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги машғулотларнинг вақти, кўлами ва шаклланиши ҳали якунланмаганини айтди.

АҚШ Жанубий Кореяда 28500 нафарга яқин қўшинни 1950-53 йиллардаги Корея урушидан мерос сифатида жойлаштирган. Бу яриморолни техник жиҳатдан уруш ҳолатида қолдирган.