Шимолий Македониядаги турк партияси Юнонистоннинг турк мактабларини ёпишига қарши

Шимолий Македониядаги турк сиёсий партияларидан бири бўлган Турк Миллий Бирлик Ҳаракатининг умумий раиси Эрдўғон Сарач Юнонистоннинг Ғарбий Тракиядаги 12 та турк бошланғич мактабини ёпишига эътироз билдирди.

Сарач бу мактабларни ёпиш қарорини Европа Иттифоқи аъзоси бўлган Юнонистонда яшаётган туркларнинг ҳақ-ҳуқуқ ва эркинликларини топташини, адолат ва ҳуқуқ тушунчаларига мутлақо зид эканлигини таъкидлади. У бу қарорнинг туркларни мажбурий тарзда ассимиляция этишдан бошқа нарса эмаслигини ҳам айтиб ўтди.

Юнонистон Таълим Вазирлиги куни кеча ўқувчилар сонининг камлигини баҳона қилиб, мазкур мактабларни ёпиш қарорини эълон қилган эди.