“Союз” OneWeb нинг сунъий йўлдошларини орбитага олиб чиқди

Россиянинг “Союз-2.1б” ракета ташувчиси Буюк Британиянинг OneWeb алоқа операторининг барча 34 та сунъий йўлдошини муваффақиятли равишда орбитага олиб чиқди. Бу ҳақда “Роскосмос” ўз твиттер саҳифасида хабар берди.

Космик йўлдошларни орбита бўйлаб тарқатиш 3 соат 45 дақиқа давом этди. Бу вақт ичида аппарат тўққизта йўлдош гуруҳини ўзидан ажратиб, 10 та маневр қилди.

OneWeb истеъмолчиларни юқори тезликдаги Интернет билан глобал таъминлаш учун орбитал туркумда сунъий йўлдошлар сонини 288 тага етказди. Операторнинг барча 648 та қурилмаси 2022 йилнинг июнига қадар ишга тушиши кутилмоқда.

Аввалроқ, давлат комиссияси “Байконур” космодромидаги йиғилиш якунлари бўйича “Союз-2.1б” ракетасини учиришга рухсат бергани хабар қилинган эди. Аниқланган носозлик бартараф этилганидан кейин қарор қабул қилинди.

Бунгача парвоз икки марта ортга сурилган. 19 августдаги парвозни бекор қилиш буйруғи, ракета учириш мажмуасининг ускуналаридаги носозлик туфайли парвоздан бир неча сония олдин берилди. 20 августда OneWeb сунъий йўлдошларни Ердан туриб бошқариш мажмуаси дастурий таъминоти бузилганлиги сабабли парвозни кечиктиришни сўради.