“Судоку отаси” вафот этди

Японияда  Nikoli нашриётининг собиқ раҳбари ва “судоку отаси” Маки Кадзи вафот этди. Бу ҳақда компаниянинг матбуот хизмати хабар берди.

“Жаноб Кадзи “судоку отаси” сифатида танилган ва бутун дунёда бошқотирма ишқибозлари томонидан ҳурмат қилинган инсон эди”,-дейилган мазкур хабарда.

Компания Кадзининг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирган барча инсонларга миннатдорчилик билдирган.

2021-йилнинг июлида компания президенти лавозимидан касаллиги туфайли кетган 69 ёшли Кадзи Токиодаги уйида сафро йўллари раки туфайли вафот этди.

Nikoli нашриёти ўтган асрнинг 80-йилларидан бошлаб маҳаллий газеталарда судоку-рақамли бошқотирмалар чиқаришни бошлаган ва катта муваффақиятларга эришган эди.

Тарихи ўрта асрларга бориб тақаладиган судокуни 2004-йилдан бошлаб  инглиз газеталари ҳам нашр қила бошлагач, бутун дунёда бу бошқотирма оммавийлашди ва 2006-йили биринчи халқаро судоку чемпионати ҳам ўтказилди.