Техаслик тадбиркор болалар

14 ёшли Ишан Такур ва унинг 9 ёшли синглиси Ааня одатда ҳар ёзда лимонад сотиб, ўзларининг коллеж фондига 100 долларга яқин маблағ йиғишарди.

Аммо февраль ойида уларга отаси уйқу олдидан биткоин нархи 50 минг доллардан ошиб кетгани ҳақидаги ҳикояни айтиб берди ва ушбу Фрисколик болалар пул ишлашнинг янги ғояси – Ethereum ишлаб топишни (майнинг) йўлга қўйишди.

“Биз бунга (биткоин) сармоя киритмоқчи эдик, лекин биткоин сотиб олишга пулимиз йўқ эди”, – деди Ишан. “Шундай қилиб, бунинг ўрнига биз ўзимиз учун (майнинг) ускуналари сотиб олдик.”

Улар март ойида эски ўйин компьютери билан майнинг қилишни бошладилар ва биринчи ойда 1000 доллар ишлаб топдилар. Ўтган ой давомида улар 32 минг доллардан кўпроқ даромад қилишди. Улар топган даромадларини ўзлари 30 апрелда яратган Flifer Technologies компанияси учун кўпроқ майнинг ускуналарини сотиб олишга сарфладилар.

Coindesk.com маълумотларига кўра, Bitcoin – ҳар бир танга учун 44 455 доллар тақдим қиладиган ва бозор қиймати 835 миллиард долларга тенг бўлган дунёдаги энг катта криптовалюта ҳисобланади. Ethereum – танга қиймати 3055 доллар ва бозор қиймати 357 миллиард доллар бўлган иккинчи йирик криптовалютадир. Улар Bitcoin жуда рақобатбардош бўлиб қолгани сабабли Ethereum дан даромад қилишни танладилар.

Болаларнинг отаси, Маниш Раж, Уол Стритнинг собиқ сармоявий банкири бўлиб, улар ишни бошлаши учун керак бўладиган ускуналарни сотиб олиш мақсадида кредит олди.

Жараёнда керак бўладиган асосий ускуналар – бу график карталар бўлиб, улар биткоин ишлаб топиш учун тўғри кодни топиш йўлида дастурий таъминотдан фойдаланади. Болаларда ҳозирда 94 та майнинг процессорлари мавжуд ва улар асосан Nvidia RTX3090 график карталаридан фойдаланадилар. Компьютерлар тўғри кодни топганда, улар 1 биткоин оладилар.

“Биз буни катта бизнесга айлантирмоқчимиз”, – деди Ишан.

Бу Ишаннинг биринчи тадбиркорлик фаолияти эмас. Бундан ташқари у қурилиш ишчиларини иссиқда совуқ ҳолда сақлашга ёрдам берадиган қуёш энергиясида ишловчи мини-вентилятор шляпа яратган. Ишан ва унинг отаси маҳсулот учун патент олишга ариза беришган ва шляпани сотиб, даромад қилишни режалаштиришмоқда. Тадбиркорликдан ташқари Ишан саксофон ҳам чалади.

Такурлар оиласи болаларнинг даромадлари келажакда уларнинг таълим олиш ҳаражатларини қоплашга ёрдам беради деб умид қилмоқда. Ишан Пенсилвания университетида ўқиб, шифокор бўлишни орзу қилади. Ааня ҳам Нью Йоркка бориб, шифокор бўлишни хоҳлайди. Улар компаниянинг тенг ҳуқуқли шерикларидир.

Ишаннинг айтишича, у криптовалюталар олами ҳақидаги янгиликларни кузатиб боришга ҳаракат қилади. Аммо у ҳам, Ааня ҳам ўз дўстларига сўнгги ташаббуслари ҳақида айтишмаган.

“Аксарият болалар компьютерда ўйин ўйнашни яхши кўрадилар. Менимча, биз уларни қуришни яхши кўрамиз”, – деди у.