Токио-2020: Ўзбекистон

Енгил атлетикачимиз Екатерина Воронина узунликка сакраш бўйича баҳсларда иштирок этди. Мазкур йўналишда Воронина 6,11 метр натижа қайд этиб, ўз гуруҳида учинчи кўрсаткичга эга бўлди. Бу натижа унга 883 очко тақдим этди. Вакиламиз 4471 очко билан 19-поғонага чиқиб олди. Найза улоқтириш секторидаги беллашувлар якунлангач, Воронина ушбу йўналишда 49.88 метр кўрсаткич билан 858 очко қўлга киритди. Ушбу натижадан сўнг вакилимиз 5329 очко қўлга киритмоқда ва 19-ўриндан 12-поғонага кўтарилиб олди.

Яна бир енгил атлетикачимиз Сафина Садуллаева саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиб, финал дастурида иштирок этиш имконини қўлга киритди. Баландликка сакраш йўналишида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Садуллаева 1,95 метр баландликдан ўта олди. Умуман олганда, А ва Б гуруҳларида иштирок этган атлетлардан 14 иштирокчига 1,95 метрдан ўтиш насиб қилди. Эслатиб ўтамиз, ушбу дастурда қатнашган бошқа бир вакилимиз Светлана Радзивил 1,90 метр билан саралашда қолиб кетди. Баландликка сакраш бўйича финал баҳслар 7 август куни Тошкент вақти билан соат 15:35 да бошланади.

Маҳоратли эркин курашчимиз Бекзод Абдураҳмонов -74 кг вазн тоифасида дастлабки даврада Пуэрто-Рико вакили Франклин Гомес билан рақобат олиб борди ҳамюртимизнинг устунлигида ўтган беллашувда курашчимиз муддатидан аввал ғалабага эришди. Шунингдек, Абдураҳмонов чорак финал беллашувини ўтказди. Унда ҳамюртимиз россиялик Заурбек Сидаковга қарши баҳс олиб борди. Икки карра жаҳон чемпионига қарши муносиб курашган Абдураҳмонов афсуски, ушбу беллашувда имкониятни бой бериб қўйди. Энди Сидаков ярим финал баҳсини муваффақиятли ўтказган тақдирда Абдураҳмонов бронза медали учун курашни давом эттиради.

Жавраил Шапиев кечки дастурда Токио-2020 Олимпиа ўйинларининг бронза медали учун курашиш имкониятини қўлга киритди. Ўтиш босқичида Шапиев лицензион жаҳон чемпионатида бронза медали орқали Олимпиадага йўлланма олган швейцариялик Стефан Рейхмут билан курашди. Муросасиз курашда вакилимизнинг қўли баланди келди ва кечки дастурда бронза медали учун курашадиган бўлди. Унда ҳамюртимизга россиялик Артур Наифонов рақиблик қилади.

Токио-2020 Олимпиа ўйинларида спортчиларимиз забт этган янги спорт тури замонавий бешкураш бўлди. Бугун ушбу спорт турида саралаш баҳслари бошланди. Аёллар ўртасида ўтказилаётган мусобақада Алисэ Фахрутдинова курашга киришди. Регламентга кўра, дастлаб қиличбозлик бўйича беллашувлар бўлиб ўтди. Ҳамюртимиз 35 жангдан 16 тасида ғалаба қозонди ва бу унга 196 очко тақдим қилди. Ҳозирча вакиламиз 22-ўринда кетмоқда. Бугун, шунингдек, эркаклар ўртасида яна бир вакилимиз Александр Савкин ҳам қиличбозлик бўйича жангларини ўтказади.

olimpic.uz