Толибон Афғонистонни босиб олаяптими ёки давлат уларга бериб юбориляптими?

Афғонистон шимолидаги тоғли Бадахшон вилоятида жойлашган Файзобод шаҳри ҳеч қачон Толибон ҳукмронлигига бўйсунмаган Афғонистоннинг саноқли вилоят марказларидан бири эди. Ҳатто 1990 йилларнинг охирида, террорчилик гуруҳи кучининг энг юқори чўққисида бўлганида ва мамлакат ҳудудининг 90 фоизини назорат қилганда ҳам, Файзобод қолган 10 фоиз қаршилик қилувчи гуруҳлар орасидаги шаҳар бўлган. Эндиликда, у ўтган бир ҳафта ичида толиблар қўлга олган тўққизинчи вилоят пойтахти бўлиб қолди.

Гарчи бу ёзда Толибон Афғонистон ҳудудларини жуда катта тезликда босиб олган бўлсада, Файзободнинг қўлга олиниши бирданига содир бўлди. Жангарилар бир йилдан зиёд вақт мобайнида шаҳарга эга чиқиш учун Бадахшоннинг бошқа туманлари бўйлаб ҳаракат қилишган. Ўтган ойда эса, тўлқинлар Толибон фойдасига кескин ўзгара бошлагач, бир неча маҳаллий ҳукумат амалдорлари шаҳардан қочиб кетишди. Кейинчалик Толибон байроғи Бадахшоннинг Ишкошим шаҳри билан қўшни Тожикистондаги қардош шаҳарни боғлаб турувчи кўприк устида кўтарилди.

Иккала шаҳарда ҳам Исмоилий шиалар истиқомат қилади. Толиблар уларга нисбатан узоқ вақтдан бери зулм қилиб келади. Улар Ишкошим аҳолисига, агар аёл бўлсалар, уйда қолишни ва агар эркак бўлсалар, соқолларини олишни тўхтатишни буюрдилар. Тожикистон томонида яшовчи аҳоли афғон қўшнилари, дўстлари ва қариндошлари билан боғлана олмаганликлари ҳақида хабар беришмоқда.

Афғонистоннинг ғарбий ва шимолий чегараларида жойлашган бошқа саккиз провинция пойтахтининг қулаши ҳам худди шундай сценарий асосида бўлган деб тахмин қилинмоқда. Ҳозирда Толибон Афғонистон ҳудудининг камида учдан икки қисмини эгаллаган.

АҚШ президенти Жо Байден сентябрь ойига қадар деярли барча америкалик қўшинларни мамлакатдан олиб чиқиш режасини эълон қилганидан кейин сезиларли даражада ёмонлашган Афғонистондаги хавфсизлик ҳолати, мамлакат ҳарбий қудратининг кучсизлигини кўрсатади. АҚШ Афғонистон кучларига ҳаво ҳужумлари, разведка ёрдами ва аскарларнинг маоши билан кўмак беришда давом этмоқда, бироқ уларнинг ҳеч бири мамлакатдан чиқиб кетган руҳий тушкунлик таъсирини қопламаяпти.

Афғонистон ҳукуматининг Европадаги иттифоқчилари ҳам ўзларига тегишли “тугун”ларни тезда олиб чиқиб кетишни бошладилар. Ҳатто уларнинг дипломатлари ва аскарлари Афғонистондан эвакуация қилинар экан, Европа давлатлари афғон бошпана изловчиларини депортация қилишни давом эттирмоқда.

Афғонистоннинг ғарбий иттифоқчилари Толибонга таслим бўлмасликлари керак. Улар гуманитар инқироз кундан-кунга минглаб оилаларни дарбадар ҳаёт кечиришга мажбур қилаётганини ҳисобга олишлари зарур. Ғарбий ҳамкорлар, шунингдек, биринчи навбатда, бундан йигирма йил олдин, Афғонистон камбағал, золим ва ёмон бошқариладиган, террорчи гуруҳлар учун магнитга айланган мамлакатга кириб келишлари учун сабаб бўлган вазиятни ҳам ёдда тутишлари керак.

Агар АҚШ ва Европа давлатлари мамлакатдан кетиш истагини юқоридаги ҳолатга тўлиқ қайтишга йўл қўймаслик чоралари билан мувофиқлаштира олмасалар, ўтган йигирма йил ичида аслида қандай қурбонликлар қилинганини кўриш қийин бўлади. Бунинг учун ишни афғон хавфсизлик кучларига молиявий ва разведка ёрдамини кескин ошириш ва бошпана изловчилар ҳуқуқларини халқаро қонунлар доирасида ҳимоя қилишдан бошлаш керак.

Афғонистондаги сўнгги 20 йил ичидаги вазият энг даҳшатлиларидан биридир. Ҳозирча толибларнинг ҳокимият тепасига келишини енгиш жуда қийин бўлиши мумкин. Агар улар охир-оқибат пойтахтга етиб борса, афғонлар “террорчи гуруҳ ҳақиқатан ҳам мамлакатни эгаллаб олганми ёки Афғонистоннинг дўстлари мамлакатни уларга бериб юборганми” деган саволни беришлари тайин.