Толибон кўплаб ҳукуматлар орзу қиладиган улкан бойликни қўлга киритишди

15 август куни Толибон жангчилари Афғонистон пойтахти Кобулга кирганида, улар нафақат давлат бошқарувини қўлга олишди, балки кўплаб ҳукуматлар орзу қиладиган улкан бойликни ҳам қўлга киритишди.

Quartz саҳифасига кўра, баъзилар Афғонистонни тоғлар ва қуп-қуруқ кенгликлардан иборат деб ҳисоблайдиган стереотипдан фарқли ўлароқ, унинг ерлари катта бойликка эга, масалан, толиблар глобал тоза энергияни яратиш учун зарур бўлган улкан фойдали қазилмалар конларини ишлатиш имконига эга бўлишди.

2010 йилда АҚШ Мудофаа вазирлиги геологлар мамлакатда камида 1 триллион долларга баҳоланган улкан ҳажмдаги қазилма бойликларни аниқлагач, Афғонистонни “Литий Саудия Арабистони” деб номлаган.

Бу металл электромобиллар ва қайта тикланадиган энергия аккумуляторлари ишлаб чиқариш учун жуда зарур ва бу борада Афғонистон дунёдаги энг катта захирага эга деб ҳисобланмоқда.

Низолар, коррупция ва бюрократик тўсиқлар туфайли бу ресурслар ўн йиллар давомида деярли ишлатилмаган.

“Толибон ҳозирда дунёдаги энг муҳим стратегик фойдали қазилмаларга эга”, – дейди Вашингтондаги стратегик хавфлар маркази экологик хавфсизлик дастури раҳбари Род Шуновер.

Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, 2040 йилга келиб литийга бўлган глобал талаб 2020 йил даражасидан 40 баробар ошиши кутилмоқда.

Бу маъдан бутун дунё бўйлаб оз сонли минтақаларда тўпланган, шунинг учун тоза энергияга ўтиш Афғонистон учун катта ютуқ бўлиши мумкин.

Тоғ-кон ва нефт вазирлиги маълумотларига кўра, Афғонистонда қазилма бойликларнинг қиймати қарийб бир триллион долларга баҳоланмоқда, бироқ АҚШ Геологик хизмати бу ҳисоб -китобларга қўшилмаяпти ва унинг ҳақиқий қиймати 3 триллион долларга етишини айтмоқда.