Тунис президенти Жазоир ташқи ишлар вазири билан учрашди

Тунис Президенти Каис Саид Жазоир Ташқи ишлар вазири Рамтан Ламамра билан учрашди.

Учрашув давомида Ламамра Жазоир Президенти Абдулмажид Теббуннинг Тунис раҳбарига йўллаган оғзаки хабарини етказди. Учрашувнинг мазмуни ҳақида батафсил маълумот берилмаган.

Ўтган ҳафта Саид ҳукуматни истеъфога чиқарган, парламент фаолиятини музлатиб қўйган ва бош вазир ёрдами билан ижро этувчи ҳокимиятни ўз қўлига олган эди.

Тунис президентининг таъкидлашича, унинг алоҳида кўрган чоралари мамлакатни “қутқариш” учун амалга оширилган. Танқидчилари эса уни “тўнтариш” уюштиришда айбламоқда.

Тунис давлати Ламамранинг Эфиопия, Судан ва Миср йўлидаги минтақавий турининг тўртинчи бекати эди.

Якшанба куни Миср ва Жазоир Тунис президентини қўллаб-қувватлашини ва “Тунисда барқарорликни сақлаш ва қардош Тунис халқининг иродаси ва танловини амалга ошириш учун ўз имкониятлари доирасида ёрдам кўрсатишни” яна бир бор таъкидладилар. Бу баёнот Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ва Ламамра ўртасидаги музокаралар якунида эълон қилинди.

Тунис Миср, Ливия ва Яман каби ўз ҳукмрон тузумларини ағдариб юборган халқ инқилобларига гувоҳ бўлган бир гуруҳ араб давлатлари ўртасида демократик ўтишни амалга оширган ягона мамлакат сифатида кўрилади.