Туркия президенти бутун дунё мусулмонларини адолатсизликка қаршилик қилишга чақирди

Истанбулда бўлиб ўтаётган ёшлар форумида чиқиш қилган Туркия президенти мусулмонларни ўзлари гувоҳ бўлган адолатсизликка қарши овозларини “кўтаришга” чақирди.

“Мусулмонлар ўз тинчлиги ва фаровонлиги, шунингдек, бутун инсониятнинг хавфсизлиги ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммаларига олишлари ва гувоҳ бўлган адолатсизликларга қарши овозларини баланд кўтаришлари керак”, – деди Ражаб Тоййиб Эрдоған Ислом Ҳамкорлик Ёшлар Форумининг 4-умумий йиғилишидаги видеомурожаатида.

Дунё инсоният тарихидаги энг нотинч даврларга гувоҳ бўлаётганини таъкидлаган Эрдўған, хавфсизлик муаммолари, террорчилик ҳаракатлари ва коронавирус тарқалиши орзиқиб кутилган тинчликни ортга сурганини айтди.

“Суриядан Афғонистонгача бўлган кенг майдонларда жанжаллар, миграция, қашшоқлик ва касалликлар билан курашаётган мусулмонлар, Ғарб жамиятида, айниқса, исломофобия ва маданий ирқчилик билан ҳам курашишига тўғри келмоқда”, – деди у.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгашининг бешта доимий аъзоларини назарда тутар экан, Эрдўған “дунё бешдан каттароқ” эканини таъкидлади.

Эрдоған, шунингдек, ёшларни “сиёсат, илм-фан, спорт, тижорат ва ижтимоий ҳаётда жуда фаол” бўлишга чақирди.

“Сиздан ҳеч ким бизнинг орамизга кириб, сизни этник, диний ёки маданий тафовутларга бўлишига йўл қўймаслигингизни кутаман”, – деди у.

Икки кунлик ассамблеяда аъзо 56 мамлакат вакиллари форумнинг “Ислом ҳамкорлик” ёшлар стратегияси, ёшларнинг ривожланиши, иқтисодий имкониятлар, маданият, санъат, спорт, тармоқ ва атроф-муҳит муаммоларини муҳокама қилади.

Форум 2004 йилда Бокуда ташкил этилган бўлиб, ИҲТга аъзо давлатларнинг етакчи ёшлар ташкилотларини, шунингдек, бутун дунёдаги мусулмон озчиликлари вакиллари бўлган халқаро ёшлар ташкилотларини бирлаштирган халқаро, нотижорат, партиясиз тузилмадир.