Туркман чегарачилари Ўзбекистонда ўқиган талабаларни ўтказмадилар

Бухорода ўқиган бир гуруҳ Туркманистонлик талабалар мустақил равишда ватанларига қайтмоқчи бўлдилар. Улар ҳеч қандай қийинчиликсиз “Олот” ўзбек чегара постидан ўтишади. Аммо 6 нафар қиз ва 2 нафар йигитдан иборат бу гуруҳни “Фарап” туркман чегара постидаги чегарачилар ва миграция хизмати офицери тўхтатиб, Туркманистонга ўтишларига рухсат бермайди.

Офицер уларга Ўзбекистондаги туркман элчихонаси ходимларисиз ёки уларнинг ёзган расмий мактубисиз ўтишларига рухсат бера олмаслигини айтган.

Ўқишни битириб уйларига қайтмоқчи бўлган бу талабалар чегарачиларга ўз дипломлари ва паспортларини кўрсатиб, оғир вазиятларини тушунтиришга ҳаракат қилишган, аммо натижаси бўлмаган. Ўша куннинг ўзида қизлардан бири ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган.

Собиқ талабаларнинг айтишича, Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Язгули Мамедов уларни қабул қилмаяпти, элчихона ходимлари эса Ашхободдан қарор келмагунча уларга ёрдам беролмасликларини айтишмоқда.