Туркманистондаги заводда инсон ҳуқуқларининг поймол қилиниш кузатилмоқда

Туркманистоннинг Болқон вилоятидаги Гарабоғаз  қишлоғида жойлашган “Гарабоғазкарбамид” заводи ҳақида turkmen.news сайти аввал ҳам хабар бериб, у ерда маҳаллийчилик ва коррупциянинг гуллаб-яшнаётгани ҳақида ёзган эди.

Бу сафар мазкур сайт заводдаги инсон ҳақларининг поймол қилиниши ва маҳаллийчилик ҳақида баъзи маълумотларни бермоқда. Завод мудири Бердимурот Жумаев маҳаллий аҳолига иш беришда уларга тўсқинлик қили, Лабоп, Марв ва Дашовуз вилоятларидан келганларни “қучоқ очиб” кутиб олаётгани ҳақида анчадан бери хабарлар тарқалган. Мудирнинг ўзи Лабопдан бўлиб, бошқа вилоятлик ишчи ва хизматчиларга заводда эҳтиёж бўлишига қарамай, иш бермаяпти.

Маҳаллий инсонларнинг айтишича, Владимир исмли рус миллатига мансуб ёш мутахассис кимё соҳасида ўқиган ва соҳасини яхши билишига қарамай, бир неча ойдан бери навбат кутишга мажбур бўляпти. Аммо ундан кейин навбатда турган Лабоплик Режепбой Ботиров эса кўп ўтмай ишга олинди. Бу адолатсизлик ҳам кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Ўтган асрнинг охирларида Гарабоғаздан туркман бўлмаган бошқа миллат вакилларининг асосий кўпчилиги кўчиб кетган бўлишига қарамай, қишлоқда ҳалигача уларнинг бир қисми яшаб келмоқда. Заводга ишга олинишда маҳаллий туркманлар билан бирга қозоқлар, лезгинлар, ўзбеклар, руслар ва бошқа миллатлар ҳам қийинчиликларга дуч келмоқда. Кам сонли миллатларга нисбатан бўлаётган бу адолатсизлик секин-аста миллатлараро низонинг ҳам авж олишига сабаб бўлмоқда.