“Ватандошлар” жамоат фонди ташкил этилди. Унинг асосий вазифалари нималардан иборат бўлади

2021 йил 11 август куни Ўзбекистон Президенти «Ватандошлар» фондини ташкил этиш ҳақидаги қарорни имзолади.

Бундан асосий мақсад – дунёнинг 100 га яқин мамлакатларида истиқомат қилаётган 10 миллиондан ортиқ ватандошлар, улар томонидан ташкил этилган 170 дан ортиқ маданий марказларни қўллаб-қувватлаш.

Фонднинг асосий вазифалари нималардан иборат бўлади? Қарорда белгиланган қуйидаги йўналишларда ишлаш фонднинг вазифалар бўлади:

хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш;

халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари, ватандошлар истиқомат қилаётган мамлакатларнинг қонунлари ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида хорижда истиқомат қилаётган ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш;

хорижда мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошларни белгиланган тартибда моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга ахборот жиҳатидан ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш;

хорижда ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган фаолиятни қўллаб-қувватлаш;

хорижда юртимизнинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш, ватандошларга маданий-маърифий тадбирларни ташкил этишда кўмаклашиш;

ватандошлар томонидан ташкил этилган жамоат бирлашмалари фаолиятини рағбатлантириш, уларга хорижда ўзбек миллий маданий марказларини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатиш;

хорижий давлатларнинг таълим ўзбек тилида олиб борилаётган муассасаларида педагог кадрларга бўлган мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб, хорижда истиқомат қилаётган иқтидорли ватандошларимизнинг республика олий таълим муассасаларида таълим олишларига кўмак кўрсатиш;

ривожланган хорижий давлатларда яшаб келаётган олим ва ижодкор ватандошларимизнинг юртимиз нуфузини оширишга қаратилган илмий, ижодий изланишларини қўллаб-қувватлаш;

хорижда ватандошлар томонидан ташкил этиладиган нуфузли тадбирларда мамлакатимизнинг таниқли ёзувчи ва шоирлари, фан арбоблари, диний уламолари, маданият ва санъат вакиллари, спортчилари иштирокини таъминлашда кўмаклашиш;

хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни Ўзбекистон ҳудудида тадбиркорлик, инвестициявий, илмий, маърифий ва маданий фаолият билан шуғулланишга фаол жалб қилиш;

хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид маълумотлар билан таъминлашга қаратилган интерфаол электрон портални юритиш;

хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар дуч келаётган муаммоларни тизимли асосда таҳлил қилиб бориш ва уларнинг ечими юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш; 

миграция ва таълим соҳаларида шартномавий-ҳуқуқий ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва тегишли давлат органларига киритиб бориш;

Фонд Уставига мувофиқ бошқа вазифаларни амалга ошириш. Қарорнинг тўлиқ матни билан ушбу манзилда танишишингиз мумкин