Ватикан афғон қочоқларига ёрдам беради

Ватиканнинг халқаро “Каритас” фонди Покистонга келаётган афғон қочоқларига ёрдам беришини маълум қилди. Маҳаллий ОАВ берган хабарларга кўра, минглаб Афғонистонликлар аллақачон Чаман довони орқали Покистонга етиб келган, аммо мамлакат Ички ишлар вазири Шайх Рашид Аҳмад бу маълумотни инкор қилган.

Каритаснинг Покистон филиали раҳбари Амжад Гулзор Балужистон вилоятининг Кветта туманига 200 дан кўп афғон оиласининг келганини айтган.

Каритас раҳбарияти фонднинг қочоқларга ёрдам ишини йўлга қўйиш учун Хайбар-Пахтунва вилоятининг маркази Пешоварда БМТнинг афғон қочоқлари ишлари бўйича масъуллари билан кўришди.

Покистон Ислом Республикаси қочоқлар ҳақидаги 1951 йилдаги Женева конвенцияси ва БМТнинг махсус протоколига қўшилмаган бўлсада, Каритас фонди афғон қочоқларига доимо ёрдам кўрсатиб келган.

БМТ берган маълумотларга кўра, ҳозирда Покистонда 1 миллион 400 минга яқин Афғонистонлик қочоқлар яшаб келмоқдадир. Мамлакат шимолидаги Хайбар Пахтунва вилоятида уларнинг 43 та лагери жойлашган.