Хориждаги ватандошлар учун жами 49 та давлатда кўчма сайлов участкалари ташкил қилинади

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш доирасида мамлакатнинг дипломатик ваколатхоналари мавжуд бўлган 38 та давлатда 54 (55 та дипваколатхона, Нью-Йоркдаги Бош консулхона ва БМТдаги ваколатхона бирга) стационар сайлов участкалари ҳамда ушбу давлатларнинг 128 шаҳарларида ва дипломатик ваколатхоналар мавжуд бўлмаган 11 давлатда қўшимча равишда жами 316 та кўчма сайлов участкалари ташкил қилиниши режалаштирилмоқда.

Бу ҳақда бугун, 11 август куни Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган хориждаги Ўзбекистон фуқароларнинг сайловдаги иштирокини кенг таъминлашга доир давра суҳбатида маълум қилинди.

Тадбирда таъкидланишича, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхона ва консуллик муассасалари томонидан Президент сайловини хорижда юқори савияда ўтказиш мақсадида, маҳаллий ҳокимият, диаспорал ташкилотлар ва ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари кўп жойлашган корхона раҳбарлари билан учрашувлар ташкил этилмоқда.

Дипломатик ваколатхоналардан тўпланган маълумотларга кўра, чет элдаги сайловчиларнинг бирламчи рўйхати шакллантирилган.

Бундан ташқари, дипломатик ваколатхоналар томонидан чет элдаги 151 та ўзбек диаспорал ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Ташқи ишлар вазирлиги таклифи асосида Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 34 та хориждаги ўзбек диаспоралари билан чет давлатларда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган Ўзбекистон фуқароларининг бандлигини таъминлаш ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш саҳасида ҳамкорлик келишувлари имзоланди.

Шунингдек, сайлов жараёни янги миллий сайлов қонунчилиги, очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида ўтиши қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, сайлов кампаниясига жорий йил 23 июлдан старт берилди.