Европарламент: Евроиттифоқ Кашмирдан воз кечолмайди

Европа Парламенти вице-президенти ва парламентнинг 15 аъзоси жума куни Европа Иттифоқи Комиссияси раиси ва ташқи сиёсат бўлими бошлиғига “Кашмирда гуманитар ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашуви” ҳақида хат юборишди.

Мурожаатда айтилишича, “Европа Иттифоқи халқаро ҳамжамият томонидан кашмирликларга берган ваъдасини бажариши учун” Ҳиндистон ва Покистон билан ҳамкорлик қилиш ва БМТ резолюцияларини бажариш йўлида барча манбалар ҳамда воситалардан фойдаланиши керак.

Мактубда инсон ҳуқуқларининг қатор бузилишлари ҳақида таъкидланиб, “Ковид-19 пандемияси туфайли ҳаракатланиш, маълумот олиш, соғлиқни сақлаш, таълим ва сўз эркинлигини чеклаш кучайгани” айтилган.

“Гуманитар инқироздан ташқари, Жамму ва Кашмир масаласида узоқ вақтдан бери давом этаётган низо минтақадаги тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликка катта хавф туғдиради”, – дейилади хабарда.

Асосан мусулмонлар яшайдиган Кашмирни Ҳиндистон ва Покистон қисман бўлишиб олишган ва иккаласи ҳам ҳудудга тўлиқ даъвогарликни илгари суради. Шунингдек, Кашмирнинг кичик бир бўлаги Хитой томонидан назорат қилинади.

1947 йилда ҳудуд бўлиб ташланганидан бери, Нью Деҳли ва Исломобод 1948, 1965 ва 1971 йиллардаги учта урушни бошдан кечирдилар. Шулардан иккитаси Кашмир учун бўлган.