Юнонистон ва Туркияда минглаб одамлар ўрмон ёнғинларидан эвакуация қилинди

Минглаб одамлар жума куни Юнонистон ва Туркияда назоратдан чиқиб кетган ўрмон ёнғинларидан эвакуация қилинди. Узоқ давом этаётган иссиқлик тўлқини ўрмонларни “олов ўчоқларига” айлантирди ва аҳоли пунктлари, электр иншоотлари ва тарихий манзилларга катта хавф туғдирмоқда.

Пайшанба оқшомида Юнонистон бош вазири Кириакос Митсотакис теледастур орқали мурожаат қилиб, ўрмон ёнғинлари “иқлим ўзгариши ҳақиқат эканлигини” кўрсатаётганини айтди.

Мамлакатда узоқ давом этаётган иссиқлик тўлқинлари туфайли ҳарорат 45 даражагача кўтарилди.

Ҳозир Юнонистон бўйлаб 1000 дан ортиқ ўт ўчирувчилар ва 20 га яқин самолётлар ёнғинлар билан курашмоқда. Европанинг бир қанча давлатлари ёрдам тариқасида ўт ўчирувчилар, самолётлар, вертолётлар ва автотранспорт воситаларини юборган ёки юбормоқда.

Қўшни Туркияда сўнгги ўн кун ичида жанубий қирғоқларни ўнлаб йиллардаги энг даҳшатли деб баҳоланган ўрмон ёнғинлари қоплаб олган, 8 киши ҳалок бўлган.

Расмийларга кўра, фақат Муғла вилоятида камида 36 минг киши хавфсиз жойга кўчирилган.

Ёнғинлар, шунингдек, COVID-19 га қарши эмлаш ишларини ҳам тўхтатиб қўйди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёнғинлардан зарар кўрган ҳудудлардаги марказларда эмлаш тўхтатилганини эълон қилиб, вазият яхшиланганда эмлаш ишлари давом этишини айтди.