Афғон болаларини оилалари билан бирлаштиришга ҳаракат қилинмоқда

ЮНИСEФ Афғонистонни шошилинч равишда тарк этиш пайтида ўз оилаларидан ажралиб, турли мамлакатларга эвакуация қилинган юзлаб афғон болаларини оилалари билан бирлаштиришга ҳаракат қилмоқда, дейилади БМТ агентлиги баёнотида.

“Юзлаб болалар Кобул аэропортидаги тартибсиз ҳаракатлар натижасида оилаларидан ажралиб кетишди ва ЮНИСEФ уларни ўз оилалари бағрига қайтаришга ҳаракат қилмоқда”, – деди ташкилот матбуот котиби Жеймс Элдер БМТнинг Женевадаги брифингида.

“Улар бир қатор бошқа мамлакатларга кетиб қолишган ва биз болалар ўз оилаларисиз келган ҳукуматлар билан бирга ишлаяпмиз”, – деди у. Ҳозирга қадар 100 нафардан ортиқ болалар оилаларига қайтарилган.

Ўтган ой содир бўлган эвакуация жараёнида кўпчилик бир афғон қизчасининг аэропортнинг баланд девори оша америкалик аскарнинг қўлига берилганига гувоҳ бўлди. Ўша қизча ҳам ўз оиласи билан учрашганми ёки йўқми аниқлаштирилмоқда.