Афғонистон собиқ вице-президенти Тожикистонга йўл олгани айтилмоқда

“Толибон” ҳаракати мамлакатда ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг, ўзини давлат раҳбари вазифасини бажарувчиси деб эълон қилган Афғонистон собиқ вице-президенти Амрулло Солиҳ Толибонга бўйсунмаган Панжшер вилоятини тарк этиб, Тожикистонга кетди. Бу ҳақда ТАСС агентлигига Кобулдаги манба телефон орқали маълум қилган.

“Панжшерда вазият анча оғир. Толибон вилоятни тўрт томондан қамал қилиб, провинциянинг интернет, электр ва телефон алоқасини тўсиб қўйган. Солиҳ кеча Панжшерни тарк этиб, Тожикистонга кетди. Катта эҳтимол билан у аллақачон ўша ерда”, – деди манба.

Аввалроқ, Солиҳ ўзининг Твиттердаги саҳифасида халқаро ҳамжамиятдан Панжшердаги толибларнинг ҳаракатларига эътибор беришни сўраб, толибларни минтақада электр ва телефон алоқаларини узишда, шунингдек, одамларни тиббий ва гуманитар ёрдамдан маҳрум қилишда айблаган.

Толибон расмийлари ва Миллий қаршилик фронти делегацияси ўртасидаги муваффақиятсиз музокаралардан сўнг, жангарилар шу ҳафта бошида Панжшерга ҳужум уюштирди. Қаршилик вакили Фаҳим Дашти пайшанба куни ТАССга берган интервьюсида радикаллар минтақадаги бирорта постни ҳам ишғол қила олмаганлигини айтган. У, шунингдек, қаршиликлар сафидаги йўқотишлар сонини очиқламасдан, жангларда 350 га яқин толиблар ўлдирилганини айтди. Шу билан бирга, радикаллар ўз йўқотишлари ҳақида ҳали маълумот беришмаган, вақти-вақти билан Панжшердаги муваффақиятли юришларини ва “яқин келажакда” бутун вилоятни ўз назоратига олиш ниятларини эълон қилишган.

15 августда президент Ашраф Ғани мамлакатни тарк этди, толиблар Кобулга жангсиз кирди. Радикалларга қўшилмайдиган кучлар Панжшерда машҳур дала қўмондони Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилигида қаршилик ҳаракатига уюшдилар. Солиҳ ҳаракатни қўллаб-қувватлашга чақирди.