Aфғонистонга қўшни мамлакатлар махсус вакилларининг (“Гуруҳ-6”) онлайн учрашуви ҳақида

2021-йилнинг 5-сентабр куни Покистон томонининг ташаббуси билан Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Покистон, Эрон ва Хитойнинг Aфғонистон бўйича махсус вакиллари виртуал шаклда музокаралар ўтказди.

Томонлар афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш бўйича минтақавий саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, тез фурсатларда мамлакатда кенг вакиллик асосида инклюзив ҳукумат тузиш, инсон ҳуқуқлари, жумладан, аёллар ва миллий озчилик ҳуқуқларини таъминлаш муҳимлигини таъкидладилар.

Толиблар томонидан Aфғонистонда халқаро террористик ташкилотлар фаолиятига ҳамда ушбу мамлакат ҳудудидан қўшни давлатларга ҳар қандай таҳдидларга йўл қўймаслик бўйича ўз мажбуриятларини бажариш муҳимлигига эътибор қаратилди.

Aфғонистонга ҳар томонлама кўмаклашиш, хусусан, пандемия даврида инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш ва озиқ-овқат инқирозига йўл қўймаслик борасидаги чора-тадбирлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.