Африканинг икки давлати лазерли интернет билан боғланди

Google компанияси Африканинг икки давлатини лазерли интернет билан боғлади. Ўрнатилган янги технология ёрдамида ҳаво орқали 10 километр масофага сониясига 20 гигабит маълумот юборилган.

Google Х лабораторияси Конго Демократик Республикаси пойтахтини симсиз лазер тизимли интернет билан таъминлади. Ҳаво алоқаси канали 20 кун давомида 700 терабайтдан ортиқ маълумотларни узата олди. Алоқа ишончлилиги эса 99,9 фоизни ташкил этди.

Лазерли канал орқали Киншаса интернет беш баробар арзонроқ бўлган Конго Республикаси пойтахти Браззавил билан боғланди. Шаҳарлар Конго дарёсининг қирғоғи бўйлаб жойлашган. У дунёдаги энг чуқур дарё (чуқурлиги 230 метрдан ортиқ) ҳисобланади. Бундай шароитда Браззавил ва Киншаса ўртасида анъанавий оптик толали кабель ётқизиш имконсиз эди.