Apple кўчирмачиликда айбланмоқда

Apple ўзининг янги маҳсулотларини тақдим этар экан, Apple Watch учун тўлиқ ишлаб чиқилган махсус клавиатурани ҳам намойиш қилиб ўтди. Бу ўтган ой App Store дан ўчириб юборилган FlickType иловасининг аниқ нусхаси ҳисобланади. Бу ҳақида FlickType дастурчиси Коста Элефтериу Твиттерда маълум қилди.

Купертинода жойлашган компания унинг клавиатурасини нусхалаганини назарда тутар экан, “Энди биз ҳамма нарсани тушундик, судда кўришгунча, Apple”, – деб ёзди Элефтериу.

Элефтериу Apple унинг технологиясини сотиб олишга бўлган уринишлари ҳақида гапириб ўтган. Унинг айтишига қараганда, дастурчи Apple томонидан илгари сурилган таклифларни рад этган. Шундан сўнг илова билан боғлиқ муаммолар пайдо бўла бошлаган.

Элефтериунинг сўзларига кўра, дастлаб купертиноликлар илованинг тўлиқ манбасини талаб қилиб, дастурий таъминот янгиланишларини рад эта бошлашди. Кейин Apple ақлли соатларда клавиатурадан фойдаланиш имкони йўқлигини тушунтириб, уни ўз дўконидан олиб ташлади.

Эндиликда Элефтериу Apple компаниясини технология плагиати ва адолатсиз рақобат учун судга бермоқчи.