АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари вертолёти Калифорния соҳилида қулаб тушди

АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг Тинч океани флоти сешанба куни хабар беришича, Калифорния жануби-ғарбий қисмида, Сан -Диего соҳилида, авиаташувчи кемадан ҳавога кўтарилган ҳарбий вертолёт денгизга қулаган.

“MH-60S вертолёти Авраам Линколн (CVN 72) бортидан ҳавога кўтарилди ва Тинч океан вақти билан 31 август кечки пайт 4:30 да Сан-Диего қирғоғидан тахминан 60 денгиз мил узоқликда парвоз пайтида денгизга қулаб тушди”, – дейилади флотнинг твиттерида.  

Кейинроқ АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари ҳалокатга учраган вертолётнинг бир экипаж аъзоси қутқарилганини, бошқаларни қидириш ишлари давом этаётганини, маҳаллий ОАВ эса 5 киши бедарак йўқолганини хабар қилди.