АҚШда вакцинали пластир ишлаб чиқилди

Стэнфорд ва Чапел-Хиллдаги Шимолий Каролина университетларининг  олимлари 3D-принтерда босилган вакцинали пластир ишлаб чиқдилар. Унинг игна ёрдамида амалга ошириладиган эмлашдан анча кучли эканлиги айтилмоқда.

Бу ҳақда Шимолий Каролина университети сайтида хабар қилинган.

Мазкур пластирнинг одатий пластирлардан асосий фарқи шундаки, унинг полимер юзасида узунлиги фақатгина терига тегиб, вакцина моддасини етказишгагина етарли бўлган ва 3D-принтерда босилган игналар мавжуддир. Ҳайвонларда олиб борилган тадқиқот натижаларига қараганда, вакцинадан олинган иммунал таъсир оддий игна йўли билан қўл мушагига юборилган модданикидан 10 баробар кучли бўлиб чиққан.

Тадқиқотчи гуруҳ раҳбари  Джозеф М. ДеСимоуннинг айтишича, олимлар шу тариқа оғриқсиз ва ортиқча хавотирсиз амалга ошириладиган эмлаш жараёнларини бошлашмоқчи. Чунки бундай пластирдан фойдаланиш жуда осон ва қулай бўлиб, шифокор кўригига бориш ҳам шарт эмас.