БААда Афғонистонга боришга уринган қуролланган америкаликлар ҳибсга олинди

Американинг “Newsweek” журнали БАА ҳукумати яқинда Дубай орқали Афғонистонга кетмоқчи бўлган, бир гуруҳ қуролли Америка фуқароларини ҳибсга олганини маълум қилди.

Сешанба куни Newsweek АҚШ Давлат департаменти тарқатган манбадан иқтибос келтирган ҳолда, бу америкаликлар 31 август куни Дубай аеропортида ҳибсга олинган ва кейинчалик гаров эвазига қўйиб юборилганини хабар қилган.

Хабарда АҚШнинг Дубайдаги бош консуллиги бу муаммони бартараф этиш учун маҳаллий ҳокимият билан алоқада эканлиги айтилган.

АҚШ Давлат департаменти Дубайда АҚШ фуқароларининг ҳибсга олиниши ва кейинчалик қўйиб юборилиши ҳақидаги хабарнинг ҳақиқийлигини тасдиқлади, АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФТБ) ҳам бу масаладан хабардор эканлигини маълум қилди.

АҚШ Конгрессидаги демократ Ричи Торрес, қуролли америкаликларнинг Афғонистонга сирли сабаблар билан киришга уриниши хавотирли воқеа эканлигини айтиб, Адлия вазирлигини бу одамларни аниқлаш учун тезкор тергов ўтказишга чақирди.