Байден сув ости кемалари билан боғлиқ инқироздан кейин Макрон билан муносабатларни яхшилашга интилмоқда

АҚШ расмийларининг айтишича, президент Жо Байден яқин кунларда Франция президенти Эммануел Макрон билан телефонда боғланмоқчи ва бу икки иттифоқчи ўртасидаги зиддиятни тўхтатишга умид қилмоқда.

Икки давлат раҳбарлари Байденнинг АҚШ ва Австралия билан Ҳинд-Тинч океани хавфсизлигига эътибор қаратган янги мудофаа алянси тузгани ҳақидаги баёнотига ўтган ҳафта Франция берган жавобдан буён гаплашмаяпти.

Бу иттифоқ доирасида Қўшма Штатлар Австралия билан сув ости кемалари қурилиши технологиясини баҳам кўради, бу эса австралияликларни илгари Париж билан имзолаган шартномадан воз кечишга мажбур қилади. Австралия француз сув ости кемаларини 66 миллиард долларга сотиб олиши керак эди.

“Вашингтон Пост” газетасининг ёзишича, якшанба куни АҚШ расмийлари Франциянинг ғазабли реакциясидан ҳайрон бўлишганини эътироф этишган, Париж ўтган ҳафта Вашингтондаги элчисини чақириб олган.

Расмийлар бу келишмовчиликни Франция ички сиёсати билан боғлашди, чунки Макрон қайта сайланиш ниятида, лекин шунга қарамай улар вазиятни юмшатиш ва яқин иттифоқчининг ғазабини қўзғатмаслик учун зудлик билан ҳаракат қилмоқдалар.

Оқ уй ва Давлат департаменти мулозимлари французларнинг норозилигидан кейин муносабатлар яна яхшиланишини ва Франция элчисининг яқин ҳафталарда Вашингтонга қайтишини кутишларини айтишди.

Париж Австралиядаги элчисини ҳам чақириб олди. АҚШ расмийлари Франциянинг сув ости кемалари билан Австралиянинг келишувининг қулаши Франциянинг муҳим ҳарбий саноатига катта иқтисодий зарба эканлигини таъкидлаб, Франция ҳукумати шартнома бекор қилинганидан норозилигини мамлакат сайловчиларига билдириши кераклигини кўрсатди.

АҚШнинг юқори лавозимли амалдорининг сўзларига кўра, Байден ва Макрон ўртасидаги телефон суҳбати тез орада бўлиши керак, аммо расмийлар ҳали вақтни ўйлаб кўришмоқда.