Facebook ва Ray-Ban биргаликда ақлли кўзойнаклар ишлаб чиқарди

Facebook ва кўзойнак ишлаб чиқарувчи Ray-Ban компанияси биргаликда ўзларининг Ray-Ban Stories деб номланган ақлли кўзойнакларини тақдим этдилар.

Кўзойнак олд томонга қараган 5 мегапикселли иккита камера билан жиҳозланган. Улар фойдаланувчига сурат ва видеога (30 сониягача) олиш имконини беради. Жараённи кўзойнакдаги тугмачани босиш ёки “Эй, Facebook, расм/видеога ол” овозли буйруғи билан бошлашингиз мумкин.

Махсус Facebook View иловаси ёрдамида Ray-Ban Stories да олинган фотосуратлар ва видеоларни сақлаш ва таҳрир қилиш мумкин.

Бундан ташқари, қурилмага динамиклар ва микрофонлар ўрнатилган бўлиб, улар фойдаланувчига телефондаги исталган иловадан мусиқа ёки подкастларни тинглаш ёки кўзойнак ёрдамида қўнғироқ қилиш имконини беради.

Ray-Ban Stories уч хил рамка, тўртта ранг ва олтита линзали вариантларни ўз ичига олган 20 та дизайнда мавжуд. Кўзойнакни қувватлантирувчи қурилма тўпламнинг ичида жойлашган бўлади.

Кўзойнак нархи 299 доллардан бошланади. Уларни Ray-Ban веб-сайтидан, шунингдек АҚШ, Австралия, Канада, Ирландия, Италия ва Буюк Британиядаги бренд дўконларидан сотиб олиш мумкин.