Гейтс ва Безос Tesla металини қидириш лойиҳасини молиялаштиради

Билл Гейтс ва Жефф Безос қўллаб-қувватлайдиган сунъий интеллект стартап лойиҳаси дунёдаги иккинчи йирик кончилик гуруҳи билан биргаликда электромобилларда ишлатиладиган металларни қидириб топмоқчи.

“KoBold Metals ва BHP (тоғ-кон саноати компанияси) Австралияда литий, никель, кобальт ва мис каби рангли металларни биргаликда қидиришади”, – дейди KoBold бош директори Курт Хаус Business Insider га берган интервьюсида. “KoBold ва BHP нинг уч йиллик ҳамкорлиги Tesla автомобилларида ишлатиладиган никель манбасини топишга ёрдам бериши мумкин”.

Июль ойида BHP Tesla билан автомобиль электр батареяларини никель билан таъминлаш бўйича шартнома имзолади.

“Tesla га гап йўқ. Бу борада ҳеч қандай савол бўлиши мумкин эмас. У электромобиллар бозорида етакчи”, – деди Хаус. “KoBold нинг мақсади бутун электромобиллар саноатига ёрдам бериш”.

Силикон водийсида жойлашган “KoBold” минерал конларни қидириб топиш хусусий компанияси ўз фаолияти давомида сунъий ақлдан фойдаланади.

Хаус лойиҳа учун қанча сармоя киритилгани ҳақида аниқ маълумот бермади, лекин у келгуси икки йил ичида ўн миллионлаб доллар сарфланишини айтди.

Хаус Австралиянинг ғарбий қисмида бошланадиган тадқиқот ярим миллион квадрат километр майдонни қамраб олишини айтиб ўтди.

KoBold маълумотларига кўра, компаниянинг асосий сармоядорлари Microsoft компанияси асосчиси Билл Гейтс, Amazon асосчиси Жефф Безос ва Bloomberg асосчиси Майкл Блумберг томонидан молиялаштириладиган Breakthrough Energy Ventures иқлим ва технология жамғармаларидир.