Huawei ҳайдовчиларга кенгайтирилган ҳақиқатни кўрсатувчи дисплейни тақдим этди

Мюнхендаги IAA Mobility 2021 тадбирида Хитойнинг технологик гиганти ҳақиқатнинг кенгайтирилган хусусиятларига эга AR-HUD дисплейи прототипини намойиш этди. Ҳажми 10 литрдан ошмайдиган ушбу қурилмани машина олд ҳимоя ойнасининг пастидаги ускуналар панели ичига жойлаштириш мумкин. AR-HUD тизими олд ҳимоя ойнаси устига тасвирни узатиб беради. Ҳайдовчи узатилган тасвирларни 70 дюймли дисплейда кўриши мумкин бўлади.

Huawei дисплейи нафақат автотранспорт ускуналари индикатори ва навигация вазифасини бажаради, балки бошқа турли ёрдамчи маълумотларни ҳам намойиш қила олади. Вазифалар майдонининг кенглиги боис дисплей, навигатор томонидан ўрнатилган йўналишга таяниб, автомобилнинг келажакдаги траекториясини ҳам белгилаб бера олади. Куннинг қоронғу қисмида, ўрнатилган хавфсизлик тизимлари қўшимча равишда автомобиль йўлидаги тўсиқларни визуал ҳолатда ажратиб кўрсатиши ва пиёдалар йўлакларини экранда акс эттириши мумкин. Ниҳоят, машина тўхтаб турганда дисплей, турли кўнгилочар дастурлар ва ўйинлар учун ишлатилиши мумкин.