Hyundai симсиз қувватланадиган биринчи электромобилини тақдим этди

Компания янги Genesis бренди махсулот турлари рўйхатини яна бир модел билан бойитди. Янги тақдим этилган электр двигателли Genesis GV60 кроссоверининг асосий хусусиятларидан бири, смартфонлар ва бошқа гаджетларга ўхшаш тарзда симсиз қувватлантириш имкониятининг мавжудлигидир.

Электромобилни қувватлантириш учун уни тармоққа уланган махсус “гиламча” устига олиб келиб қўйиш кифоя. Ишлаб чиқарувчининг сўзларига кўра, ушбу технология автомобиль батареясини тўлиқ қувватлантириш учун атиги олти соат вақт сарфлайди. Бу оддий симли тармоқ орқали қувватлантиришдан кўра тўрт соат камроқ деганидир. Эълон қилинган қувват захираси билан машина тахминан 435 километр масофани босиб ўта олади.

Hyundai келгусида бундай технология E-GMP хусусий платформасига асосланган бошқа автомобиллар учун ҳам қўлланиши мумкинлигини айтди. Genesis GV60 шу йилнинг охирида ишлаб чиқарилади ва 2022 йилда сотувга чиқарилади.