Мароккода ноёб динозавр қолдиқлари топилди

Марокко, Европа ва Жанубий Африкалик олимлар мамлакатнинг Ўрта Атлас тоғ тизмаларида ноёб динозаврнинг тошга айланган қолдиқларини топишга муваффақ бўлдилар.

Судралиб юрувчи баҳайбат ҳайвон бундан тахминан 168 миллион йил аввал яшаган бўлиб, у динозаврларнинг анкилозавр турига мансуб ҳисобланади. Унинг скелети устида олиб борилган тадқиқотлар Nature Ecology & Evolution журналида эълон қилинган.

Анкилозаврга мутахассислар Spicomellus afer-яъни “тиғли бўйинбоғ” деб ном бердилар. Маълум бўлишича, динозаврнинг думи тиғлар билан ҳимояланган бўлиб, ташқи кўринишидан зирҳли дубулғага ўхшаб кетган. Тиғли жонивор ўтхўр бўлган ва палеонтолог Сюзанна Мейдментнинг айтишича, бундай кўринишли жонивор ҳалигача ҳайвонот оламида топилмаган эди.