НАСА шовқинсиз ва товушдан тез учадиган самолёт “тайёрламоқда”

Товушдан тезроқ учадиган самолётлар жуда шовқинли транспорт воситаси ҳисобланади. Лекин, НАСА муҳандислари, бу самолётларнинг товуш тўлқинларини акс эттиришини камайтириш мумкинлигини айтишмоқда.

Бундай турдаги самолётнинг Х-59 прототипи Калифорния штати, Палмдейл шаҳридаги НАСА пудратчиси Локҳид Мартин заводларида йиғилмоқда. Узунлиги 30 метр, оғирлиги 10 тонна бўлган бир ўриндиқли “лочин” 2022 йил охиридаёқ осмонга кўтарилиши мумкин.

Бошингиз узра учиб ўтаётган тезкор самолётни сезмасликнинг иложи йўқ. Товушдан тезроқ учадиган самолётлар овоздан илгарилаб кетади ва ўзидан кейин ҳавода ўта баланд товуш тўлқинларини яратади. Тўлқинлар мебелларни қимирлатиб ташлаши ва ҳатто бино ойналарини майдалаб синдириб юбориши мумкин.

Масалан, тарихда ҳозиргача ягона овоздан тез учадиган йўловчи самолёт бўлган Конкорд (2003 йилда қатновдан олиб ташланган) 105 децибелга тенг шовқин “солган”. Бу ҳудди ёнингизда момақалдироқ чалгани кабидир. ХА-59 эса, НАСА маълумотларига кўра, 6 метр нарида машина эшигини ёпгандаги шовқиндан баланд овоз чиқармайди.

Шовқинни камайтириш технологияси келажакда ҳукуматни товушдан юқори тезликда учувчи самолётлар аҳоли яшаш жойлари устидан учиб ўтишига кўндиришда хизмат қилади. Ҳозирча, уларга, баланд шовқинлари туфайли, фақат океанлар устидан учишга рухсат берилган.

Самолёт ишлаб чиқарувчилари келажакда Х-59 лойиҳаси технологияларидан фойдаланиб, 120 йўловчига мўлжалланган катта йўловчи самолётларини ишлаб чиқаришлари мумкин бўлади.