Немис партияси Толибонни тан олишга чақирди

Германиянинг ўта ўнг “AfD” (Германия муқобили) партияси Афғонистонга депортацияни осонлаштириш мақсадида Толибоннинг муваққат ҳукуматини дипломатик равишда тан олишга чақирди.

Ҳафталик Der Speigel ахборот хизмати хабарига кўра, Afd ҳамраиси Тино Чрупалла, 26 сентябрь куни бўлиб ўтадиган умумий сайловлардан сўнг, Германиянинг янги ҳукумати Афғонистон муваққат ҳукуматини тан олиши ва Кобулдаги Германия элчихонасини қайта очиши тарафдори эканлигини билдирди.

“Янги федерал ҳукумат Афғонистон ҳукуматини имкон қадар тезроқ тан олиши керак, шунда биз мамлакатдан Афғонистонга кетиши шарт бўлган муҳожирларни депортация қила оламиз”, – деди Чрупалла.

Амалдаги ҳукумат эса Толибонни тан олмаслигини бир неча бор билдирган.

Ташқи ишлар вазири Хейко Масс Афғонистон муваққат ҳукуматини тан олишни очиқ-ойдин рад этди.

Бироқ, у гуруҳ билан музокараларни давом эттириш тарафдори, чунки Германия ҳамон Афғонистондан одамларни эвакуация қилишга уринмоқда.