Олимлар фруктоза истеъмол қилишнинг хавфи борасида огоҳлантиришди

Фруктоза (шакар ўрнини босувчи маҳсулот)ни меъёридан ошиқ истеъмол қилиш метаболизм бузилишига ва турли касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда Chinese Medical Journal хабар қилади.

Олимларнинг айтишича, соғлом турмуш тарзи кечиришни истаган кўп инсонлар кундалик ҳаётда оддий шакар ўрнига ҳам фруктоза истеъмол қилишга ўтиб олишган.

Тадқиқотчи гуруҳ бошлиғи профессор Чжан Вейпин фруктозанинг қонга сўрилиш тезлигининг GLUT5 ва GLUT2 рецепторларига боғлиқ эканлигини тушунтирди. Тадқиқот натижаларига кўра, рецепторлар қондаги фруктоза даражасига кўра фаоллашиб боради, яъни инсон қанча кўп шакар ёки фруктоза еса, шунча кўп ширинлик егиси келаверади.

Қондаги фруктоза даражасини буйраклар ва жигар назорат қилади. Улар воситасида фруктозадан глюкоза ишлаб чиқарилади. Фақат мазкур реакция ҳужайралардаги энергиянинг асосий манбаи-АТФ молекулаларининг парчаланишини талаб қилади.

Олимлар олиб борган тадқиқотларга кўра, фруктозани меъёридан ошиқ истеъмол қилиш ҳужайралардаги АТФнинг камайиб кетишига олиб келади. Натижада қонда ва бўғимларда подаграга сабаб бўладиган пешоб кислотаси йиғила бошлайди. Фруктоза шунингдек холестерин даражасининг кўтарилишига ва ёғ тўпланишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.