Олимлар: Марс миссияси тўрт йилдан кам бўлиши керак

Марсга одамларни юбориш ҳақида гап кетганда, энг катта тўсиқлардан бири, Марс муҳитининг инсон саломатлигига таъсирини ҳисобга олмаслик мумкин эмас. Марсда яшаш фазогирларнинг соғлиғига қандай таъсир қилиши ҳақида ҳали кўп нарса бизга номаълум.

Лос-Анжелесдаги Калифорния университети тадқиқотчилари бу жумбоқнинг бир қисмини – Марсга борувчи астронавтларга таъсир қилиши мумкин бўлган нурланиш миқдорини ўрганиб чиқишди ва улар миссия тўрт йилдан кам муддат давом этса, радиация даражаси хавфли бўлмаслигини аниқлашди

Ер нурланишдан ҳимоя қиладиган магнитосфера қобиғи билан ўралган, лекин агар сиз сайёрамиздан ташқарига чиқадиган бўлсангиз, албатта радиацияга дучор бўласиз. Инсоният ҳалигача нурланишнинг оқибатлари қандай бўлиши мумкинлигини тушунишнинг дастлабки босқичларида турибди.

Космик нурланишнинг икки хил тури мавжуд: Қуёшдан келадиган энергия зарралари ва галактик космик нурлар. Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, Марсга миссияни қуёш максимал фаол бўлган вақтда юборган маъқул. Бунинг сабаби шундаки, Қуёшнинг фаоллиги Қуёш тизимининг ташқарисидан келадиган хавфли радиоактив нурларнинг катта қисмини зарарсизлантириб юборади.

Ҳозирда яратилган космик кемаларни ҳам, космонавтларни ҳам нурланишдан ҳимоя қилувчи технологиялар мавжуд, шунинг учун тадқиқотчилар астронавтларга Марсга сафарлари чоғида қанча нурланиш таъсир қилиши мумкинлигини моделлаштирдилар. Якуний хулоса шундай бўлди: нисбатан қалин ҳимоя, агар сафар умумий тўрт йилдан ошмайдиган бўлса, космонавтларнинг хавфсизлигини сақлашга ёрдам беради.

Тадқиқот Space Weather илмий журналида чоп этилди.