Озарбайжон ва Туркия Қорабоғда қўшма ҳарбий машғулотларни бошлади

Озарбайжон ва Туркия қуролли кучлари душанба куни Тоғли Қорабоғнинг Лачин вилоятида, Арманистон билан чегарада қўшма ҳарбий машғулотларини бошлади.

“Озарбайжон ва Туркия ҳарбийлари иштирокидаги машғулотларнинг асосий мақсади жанговар операциялар пайтида жанговар ҳамкорлик ва мувофиқлаштиришни яхшилаш, шу жумладан, ҳарбий қарорлар қабул қилиш ва қўмондонлик бўлинмаларида етакчилик кўникмаларини ривожлантиришдир”, дейилади Озарбайжон Мудофаа вазирлиги баёнотида.

Баёнотда қийин ер шароитида ҳарбийларнинг замонавий ҳарбий техника ва воситалардан фойдаланиш кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратилиши кўрсатилган.

1980 йил охиридан бери давом этаётган можаро доирасида Озарбайжон ва Арманистон кучлари ўртасида Қорабоғ минтақасида 2020 йил 27 сентябрда кенг кўламли жанговар операциялар қайта бошланди.

9 ноябр куни Россия президенти Владимир Путин, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян қўшма баёнот билан Қорабоғ минтақасида 10 ноябрдан бошлаб сулҳ эълон қилишди.

Бу келишувга биноан, Озарбайжон 1992-1994 йилларда Арманистон томони билан уруш пайтида йўқотилган ерларнинг учдан икки қисмидан кўпини қайтариб олди.

Жанглар тугаганига қарамай, минтақа икки томон чегараларида Озарбайжон ва арман кучлари ўртасида вақти-вақти билан тўқнашувлар содир бўлиб турибди.