Ўзбекистонлик кикбоксингчилар жаҳон кубогида 21 медални қўлга киритди

Венгриянинг Будапешт шаҳрида WAKO – Бутунжаҳон Кикбоксинг ассоциацияси томонидан кикбоксинг бўйича 26- жаҳон кубоги баҳслари ўтказилди.

Жаҳон кубоги баҳсларида Ўзбекистон кикбоксингчилари муваффақиятли иштирок этди.    

“Дунёдаги барча кикбоксингчиларни бир жойга жамлаган жаҳон кубогида спортчиларимиз бор куч ва имкониятларини ишга солди”, – деди Ўзбекистон Кикбоксинг ассоциацияси раиси Ойбек Норметов. Унда 45 давлатдан 3 минг спортчи қатнашди. Ўзбекистондан 31 нафардан иборат кикбоксингчилар жамоаси иштирок этди. Кубок баҳслари якунида спортчиларимиз 5 та олтин, 6 та кумуш, 10 та бронза медални қўлга киритди.  

Кикбоксингчиларимиз Ҳусан Баратов, Самандар Рустамқулов, Нормуҳаммад Раҳмонбердиев, Назарбек Маҳмудов, Саидмурод Ҳасанов ўз вазн тоифалари бўйича барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медалга сазовор бўлди.  

Нуфузли спорт тадбирида нафақат спортчиларимиз, балки ўзбекистонлик рефери Темур Муҳаммаджонов ҳам муваффақиятли иштирок этди.  

WAKO томонидан Т.Муҳаммаджонов энг яхши рефери, деб топилди. Халқаро реферилик тоифасига номзод бўлган ҳамюртимиз Италияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида реферилик қилишга йўлланма ҳам олди.