Parus яна Apple компаниясини судга берди

Техасда жойлашган Parus компанияси Apple корхонасини овозли бошқарув технологиясини патентлашни бузганликда айбламоқда.

Яқинда Parus Holdings АҚШнинг Техас штатидаги Ғарбий округ судига Apple компаниясига қарши патентни бузиш бўйича иккинчи даъво қўзғатганини эълон қилди. Даъво аризасида айтилишича, Apple Parus нинг веб-браузерлар ва смартфон қурилмаларини овозли бошқариш технологияси бўйича патентларини бузмоқда. Даъвода АҚШ Патент идораси томонидан берилган №6721705 ва №8185402 рақамли патентлари кўрсатилган.

Аризачи бу патентларни Webley Systems компаниясидан 2001 ва 2004 йилларда сотиб олган. Даъвога кўра, патент ҳуқуқи Apple нинг Siri овозли ёрдамчиси ўрнатилган барча маҳсулотларида бузилган.

Parus, Apple томонидан патентдан ноўрин фойдаланган ҳолда сотилган барча маҳсулотларни ҳам ҳисобга олиб, зарарни ундириш бўйича барча ҳуқуқий ҳимоя усулларини қўллашни талаб қилди. Даъвога кўра, ҳуқуқбузарлик “қасддан содир этилган”. Шунинг учун Parus, Apple компаниясидан келтирилган зарарни уч баробар миқдорида қоплашни ҳамда компания патентларидан ноқонуний фойдаланишни абадий тақиқлашни сўрамоқда.

Эслатиб ўтамиз, бу Parusнинг Apple га қарши овозли бошқарув технологиясидан фойдалангани учун илгари сурган иккинчи даъвоси ҳисобланади. Биринчиси 2019 йилнинг ёзида киритилган эди.