Пайариқ ва Пахтачи туманларида Давлат хизматлари марказларининг янги филиаллари ишга тушди

Маълумки, мамлакатимиз Президентининг 2020 йил 31 январдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида республикамизнинг энг чекка ва олис ҳудудларида  Давлат хизматлари марказларининг филиалларини ташкил этиш вазифаси белгилаб берилган эди.

Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида ўтган вақт давомида Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, вилоятнинг 6 та ҳудудида Давлат хизматлари марказларининг филиаллари фаолияти йўлга қўйилди. Уларда марказ ходимлари  ҳафтада икки кун фуқароларга давлат хизматлари кўрсатиб келмоқда.

Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги олдидан Пайариқ тумани марказидан 30 километр узоқликдаги “Хўжа Исмоил” МФЙ ҳамда  Пахтачи тумани марказидан қарийб 40 километр олисда жойлашган “Қарнаб ота” МФЙ ҳудудидаги “Чашма” қишлоғида Давлат хизматлари марказининг янги ва замонавий филиаллари фойдаланишга топширилди.

“Чашма” МФЙ қир-адирликлар бағрида жойлашган хазинага ўхшайди. Ҳудудга кириб борар экансиз, оддий, лекин самимий инсонларга дуч келасиз. Бугун уларнинг узоқ йиллик орзулари ушалди. Қишлоқнинг қоқ марказида замонавий маҳалла биноси ва Пахтачи туман Давлат хизматлари марказининг “Чашма” филиали фойдаланишга топширилди.

Таъкидлаш керакки, Пайариқ туман Давлат хизматлари марказининг “Хўжа Исмоил” филиалида кўрсатиладиган давлат хизматларидан ҳудуддаги 5 та маҳалла, 15 та қишлоқ, пахтачи тумани давлат хизматлари марказининг “Чашма” филиалидан эса 2 та маҳалла, 5 та қишлоқ аҳолиси туман марказига бормасдан фойдаланиш имконига эга бўлишди. 

— Мазкур филиаллар ҳудудда истиқомат қилувчи ҳар бир фуқарога енгиллик беради, — деди тадбирда сўзга чиққан ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Мақсуд Курбанов. — Энди давлат хизматларига эҳтиёж сезганда овора бўлиб  туман марказига боришга ҳожат йўқ. 160 га яқин хизматларимиз яшаш ҳудудидингизда кўрсатилади. Муҳими, маҳалла фуқаролар йиғинига бирор бир масалада ташриф буюрган фуқаролар давлат хизматларидан фойдаланиш зарурати туғилганда барча қулайликларга эга филиал хизматларидан фойдаланиши мумкин.

Филиалларда ташриф буюрувчилар учун барча қулайликлар яратилган. Шинам хона, интернетга уланган энг сўнгги русумдаги компьютер тўплами, қулай кутиш жойи, давлат хизматлари ҳақида маълумот берувчи инфоленд, ахборот бурчаги ва бошқалар халқ хизматида.

Филиал очилишида сўзга чиққанлар мустақиллик берган бундай имкониятлар, хусусан, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш соҳасидаги ютуқлар, фуқароларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, уларни бугуни ва эртасидан рози қилиш йўлида амалиётга татбиқ этилаётган бу каби ислоҳотлар бесамар кетмаслигини таъкидлаб, шу ишларга бош қўшаётганларга миннатдорчилик билдиришди.   

Маълумот учун: Самарқандда Давлат хизматлари марказлари сони 8 тага етди. Жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида биргина филиаллар томонидан 5 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. 

ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати