Саудия Арабистони Ўзбекистонда яна бир электр станциясини қуради

100 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш бўйича ўтказилган тендер натижаларига кўра, ғолиб Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси бўлди.

У ушбу лойиҳани амалга ошириш учун бошқа 11 та даъвогарни енгиб ўтишга муваффақ бўлган. Шу билан бирга, тендер давомида захира ғолиби ҳам танланди. Бу мақомга Бирлашган Араб Амирликларининг Масдар компанияси эга чиқди.

Шамол электр станциясининг қурилишига 140 миллион доллар сармоя киритилади. У Қорақалпоғистонда жойлашган бўлиб, режаларга кўра, станция 2023 йилнинг ўрталарида фойдаланишга топширилади. Корхона йилига 400 миллион кВт/соат тоза электр энергияси ишлаб чиқаради.

ACWA Power учун бу Ўзбекистонда амалга оширилаётган биринчи лойиҳа эмас. Ундан олдин компания бир нечта “шамол турбиналари”ни қуриш ва мамлакатда водород энергиясини ривожлантириш тўғрисида битимлар тузган.