Шотландия тўрт кунлик иш ҳафтасини синовдан ўтказади

Шотландия тўрт кунлик иш ҳафтасини синовдан ўтказишни режалаштираётганини эълон қилди ва у бундай тенденцияга қўшилган энг янги давлат бўлиб, бошқа қатор давлатлар ҳам тўрт кунлик иш ҳафтасини доимий равишда жорий қилиш имкониятини ўрганмоқдалар.

Шотландия миллий партияси берган ваъдага кўра, у ишчиларнинг меҳнат унумдорлиги ва ҳаётдан розилик ҳиссини ошириш учун иш вақтини қисқартиришга ҳаракат қилмоқда. Испания, Янги Зеландия, Япония ва Исландия илгари тўрт кунлик иш ҳафтасини қабул қилишган. Эндиликда бу тажриба Шотландияда ўтказилмоқда.

Форбеснинг хабар беришича, иш вақти 20 фоизга қисқарган тақдирда ҳам бу ишчиларнинг иш ҳақларига ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмайди.

Партия қисқартирилган иш ҳафтасига ўтиш лойиҳасини молиялаштириш учун 10 миллион фунт стерлинг (13,8 миллион доллар) йўналтирган.

Баъзи корхоналар аллақачон қисқартирилган иш ҳафтасини йўлга қўйишни бошладилар. Партия томонидан ўтказилган сўров шуни кўрсатмоқдаки, одамларнинг  80 фоизи бу ўзгаришни қўллаб-қувватлайди.

Иш вақтининг камайтирилиши бир қатор афзалликларга эга. Уларнинг қаторида иш унумдорлигининг ошиши, қадр-қиммат туйғусининг кучайиши ва ишчилар ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланишини санаб ўтиш мумкин.

Исландия олти йил олдин энг катта босимга эга ишларнинг давомийлигини қисқартирганидан сўнг, ижобий натижаларга эриша бошлади ва оқибатда мамлакатда қисқа иш ҳафтаси босқичма-босқич жорий қилинди. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг 86 фоизи қисқа иш ҳафтасида ишлашни ёқлайди, дейди BBC.

Янги Зеландия ҳам худди шундай дастурни пандемиядан олдин йўлга қўйган ва иш унумдорлиги қарийб 20 фоизга ортганига гувоҳ бўлган. Шунингдек, кўплаб ходимлар иш ва ҳаёт мувозанати яхшиланганини айтишган.

Лекин, Deutche Welle немис нашрига кўра, қисқа иш ҳафтаси режими барча мамлакатларда ҳам муваффақият қозонмаган.