Швециялик ота-она ўғлига Россия президентининг исмини бера олмади

The Local нашрининг хабар беришича, Швецияда ота-оналар янги туғилган фарзандларининг исмини солиқ хизматига айтишга мажбурдир. Лахольм шаҳрида яшовчи ота-она эса ўғлига Владимир Путин деб исм бермоқчи эди, аммо солиқ хизмати уларнинг бу истагини рад қилди.

Швеция қонунларига кўра, исмлар ҳақоратомуз ёки таҳликали бўлиши мумкин эмас, аммо Россия президентининг исми-шарифига нега рухсат берилмаганлиги ҳозирча номаълум.

Бундан аввал мамлакатда болаларига Форд, Аллоҳ, Плеснер ва Кью деб исм қўймоқчи бўлган инсонларга ҳам рад жавоби берилган эди.

Статистик маълумотларга кўра, ҳозирда Швецияда Владимир исмли 1413 эркак рўйхатга олинган. Аммо Путин деган исм ҳозирча йўқ.