Старлинк сунъий йўлдош интернетининг янги душманлари пайдо бўлди

Старлинк терминалларининг сунъий йўлдош антенналари барқарор ишлашига халақит бериш осон кўринади.

Элон Маскнинг Старлинк сунъий йўлдошли интернети, Speedtest хизмати маълумотларига кўра, жуда яхши натижаларга эришган. Жорий йилнинг иккинчи чорагида АҚШда Старлинкнинг ўртача тезлиги 97,23 Мбит/с, мамлакатда Интернетга уланишнинг ўртача тезлиги эса 115,22 Мбит/с ни ташкил этган.

Бироқ ҳақиқий синовлар шуни кўрсатдики, Старлинк терминалларининг сунъий йўлдош антенналари барқарор ишлашини бузиш осон экан. Айниқса, кабутарлар бу параболик антенналарда “ўтириш” ни севиб қолишган. Шу туфайли алоқа беқарор бўлиши мумкин.

Яқинда Суррей университети киберхавфсизлик бўйича мутахассиси, профессор Алан Вудворд BBC га берган интервьюсида “(интернет алоқасида) бир қатор узилишларни пайқаганини, гарчи тезлик юқори бўлиб қолган бўлсада, узилишларнинг баъзилари бир сония, баъзилари узоқроқ давом этганини” айтди. Вудворд бундай муаммонинг асл сабаби кабутарлар эканини таъкидлади. Бошқа бир мутахассис ҳам BBC га Старлинк антеннасида ўтирган кабутарлар, албатта, унинг ишига путур етказишини тасдиқлади.

Кабутарлар чиндан ҳам сунъий йўлдош антенналарида ўтиришни яхши кўрадилар, лекин бу тез орада ўзгариши мумкин. Яқинда АҚШ Федерал Алоқа Комиссияси берган лицензияга кўра, SpaceX “қийин шароит”лар учун қурилган терминалнинг “юқори маҳсулдор ва мустаҳкам” версияси устида ишламоқда. Бу янги терминаллар кабутарлар ва бошқа омиллар келтириб чиқарадиган муаммоларга дош бера олиши айтилмоқда.