“Толибон”: Биз кейинроқ ҳукуматда аёлларга жой ажратамиз

“Толибон” ҳаракати Афғонистонда аёлларга ҳукумат лавозимларини эгаллаш имкониятини беради.

“Бу ҳукумат вақтинчалик. Аёллар учун шариат қоидаларига мувофиқ иш ўринлари бўлади”, – деди матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид чоршанба куни Кобулда журналистларга.

У давом этиб: “Бу бошланиши, лекин биз аёлларга жой ажратамиз ва улар ҳукуматга кириши мумкин. Бу иккинчи босқичда бўлади”.

Шуниси эътиборга лойиқки, “Толибон” ҳаракати шу ҳафта Афғонистонда таркибида аёллар бўлмаган янги ҳукумат тузилганини эълон қилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар 15 августда ҳаракат ҳокимиятни қўлга киритгандан сўнг, “Толибон”ни инсон ҳуқуқларини, жумладан, аёлларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирган эди.