Толибон собиқ ҳукумат амалдорларининг банк ҳисобларини блоклаб қўйди

Мамлакатдан чиқиб кетган баъзи собиқ ҳукумат расмийларининг банк ҳисоб рақамлари Толибон томонидан музлатиб қўйилди.

Толибон Маданият комиссияси аъзоларидан бири Омонуллоҳ Сомонгонийнинг айтишича, улар чиндан ҳам эски амалдорлар ва маъмурлардан бир нечтасининг ҳисобларини блоклашди, аммо уларнинг исмларини ошкор қилмади.

Айни пайтда Афғонистон Марказий банкининг ижтимоий тармоқларда берган баёнотига кўра, баъзи собиқ вазирлар, депутатлар, парламент аъзолари, ҳокимлар ва полиция бошлиқларининг банк ҳисоблари ёпилиши ва Марказий банкка ҳисобот тарзида юборилиши шарт қилинди.

Марказий банк ходимлари ҳозирча бу янги қоида борасида изоҳ беришмади.

Кобулда яшовчи Муҳаммад Замирнинг айтишича, бу инсонларнинг ҳисоблари ёпилиши ва ичида қанча пули борлиги барчага ошкор қилиниши керак.